Epsilon компанияси Қашқадарёда яна иккита янги газ конларини очди

Инвестицион блокларни ўзлаштиришга тизимли ва профессионал ёндашув, конларни излаш ва маҳсулот қазиб олишнинг замонавий методларини қўллаш натижасида Epsilon компанияси 2019 йил бошидан буён қатор аниқ натижаларга эришиб келмоқда. 18-19 август кунлари Култоқ-Қамаши инвестиция блоки ҳудудида яна иккита газ конденсатли янги конлар – Мирбарак ва Ғарбий Эрназар конлари аниқланди.




2019 йил 18 август куни Қашқадарё вилоятининг Қултоқ-Қамаши инвестицион блокида жойлашган Мирбарак майдонидаги 1- сонли қидирув қудуғида олиб борилган аэрация ва синов ишларидан сўнг табиий газ манбаси аниқланди. Бу – янги кон очилганидан дарак беради. Кон Юра қатлами қаватларида, 2953-2983 метр чуқурликда аниқланди.

Мирбарак майдони қидирув-қазиш ишларига тайёрланишидан олдин компания мутахассислари ўтказилган 3D сейсморазведка материалларини ўрганиб чиқишган. Мирбарака тузилмаси ҳудудидаги юқори юра қатламларининг нефт ва газга бой карбонат қатлами Epsilon компанияси мутахассислари томонидан рифоген қатлами деб баҳоланган. Epsilon компанияси мазкур қудуқда бурғилаш ишларини 2019 йил март ойи охирида бошлаган. Ҳозирда Epsilon компанияси янги аниқланган конда бурғилаш ишларини лойиҳада белгиланган чуқурликкача давом эттирмоқда, бу самарадор қатлам диапазонини кенгайтириш имконини беради. Шунингдек, топилган табиий газни “Шўртаннефтгаз”нинг асосий саноат иншоотларига етказиш учун 12,5 км узунликдаги газ қувурини қуриш ишлари бошлаб юборилган.



Қолаверса, 16 августда Қултоқ-Қамаши инвестицион блокида яна бир табиий газ кони очилди. Ғарбий Эрназар тузилмасидаги, лойиҳа бўйича чуқурлиги 4000 метр бўлган 1-сонли қудуқда олиб борилган бурғилаш ишлари ижобий якунланди. 17-18 август кунлари қудуқда синов жараёнлари, аэрация ва қатламни гидропортлатиш амалиётлари ўтказилди. Натижада, 2019 йилнинг 19 август куни тонгида табиий газнинг саноат оқими қайд этилди, бу – Ғарбий Эрназарда янги кон топилганидан далолат беради. Ҳозирга келиб, Ғарбий Эрназар тузилмасини тўла тадқиқ қилиб чиқиш мақсадида Epsilon компанияси янги (иккинчи) қудуқни қазиш учун оптимал нуқтани ҳам аниқлаб бўлган. Бу ерда бурғилаш ускунасини ўрнатишга киришилган. Бу ишлар билан бир вақтда янги аниқланган кондаги табиий газни “Шўртаннефтгаз”нинг асосий саноат иншоотларига транспортировка қилиш учун 2,5 км масофада газ ўтказиш қувурларини қуриш ишлари якунланган.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 10 август куни Epsilon компанияси янги нефть ва газ кондетсатли Баҳористон қонини очган эди.